Ҳурматли профессор-ўқитувчилар, тадқиқотчилар!

Ўзбекистон Республикаси Банк-молия академиясида фаолият юритаётган “Молия ва банк иши” электрон илмий журнали 2019 йил 2-сонига мақолалар қабул қилинмоқда.

Мақолаларни moliya.bankishiej@bk.ru электрон манзили орқали юборишингиз мумкин.

Журнал ОАК томонидан иқтисодий йўналишда мақолалар чоп этиш мумкин бўлган илмий журналлар рўйхатига киритилган.

Мақола чоп этиш тартиби

1. Журнал қуйидаги шартли бўлимлардан иборат:
- Банк иши
- Молия
- Суғурта иши
- Бухгалтерия ҳисоби, иқтисодий таҳлил ва аудит
- Инвестициялар ва инвестицион фаолият
- Корпоратив менежмент ва молия
- Макро ва микроиқтисодиёт
- Солиқлар ва солиққа тортиш
- Қимматли қоғозлар бозори
- Инновацион менежмент
- Менежмент ва маркетинг
- Пенсия иши

2. Муаллиф томонидан тақдим этилаётган илмий мақола мавзуси “Молия ва банк иши” электрон илмий журналининг “Журнал бўлимлари” рукнида келтирилган йўналишларнинг бирига мос келиши лозим.

3. Мақолалар асосан эмпирик тадқиқот, кейс-стади, адабиётлар таҳлили ва шарҳ, мета-анализ, назария, амалиёт, услубиёт, профессионал илмий тақриз ва бошқа тавсифга эга бўлиши кўзда тутилади.

4. Мақола халқаро андозалар талаби доирасидаги қуйидаги аниқ бандларга эга бўлиши тавсия этилади:

- Мақола мавзуси
Мақола мавзуси имкон қадар қисқа ва лўнда кўринишда шакллантирилган бўлиб, мақоланинг тадқиқот йўналишини аниқ ифода этиши лозим.

- Мақола муаллифи тўғрисида маълумот
Ушбу қисмда муаллифнинг исми-шарифи (отасининг исми билан), тегишлилиги (яъни, иш жойи ёки таҳсил олиш жойи, бунда фақатгина ташкило номи ёзилади) электрон почта манзили ва мулоқот телефонлари киритилади.

- Мақола аннотацияcи
Мақола аннотацияси кўпи билан 100 сўздан иборат бўлган, мақоланинг умумий мазмунини қисқача тарзда ёритиб берувчи қисм ҳисобланади. Мақола аннотациясида тадқиқот муаммоси, унинг долзарблиги, тадқиқот муаммосини очиб бериш учун қўлланилган методология, тадқиқот натижалари, мақоланинг тўла мазмунидан келиб чиққан ҳолда муаллифнинг илмий ва амалий ҳиссасининг қисқача баёни ёритилади.

- Калит сўзлар
Таянч сўзлар мақола мазмуни ва мақсадини энг қисқа мазмунда очиб берувчи калит сўзлар ҳисобланади. scholar.google.com ёки google.com қидирув тизимида мақола осон ва энг биринчи саҳифаларда топилиши учун таянч сўзларнинг ҳар бири асосий матн таркибида ўртача 5-10 марта такрорланиши тавсия этилади.

1. Кириш
Кириш қисмида асосан тадқиқот муаммоси, унинг мақсад ва вазифалари ёритилади. Мазкур қисм тадқиқот мавзусининг танланиш асоси, унинг долзарблиги ва илмий аҳамиятини тушунтириб беради. Бундан ташқари, кириш қисмида тадқиқот объектининг қисқача тавсифи келтирилади. Кейинги таркибий қисмлар мазмуни ҳам айнан кириш қисмида қисқача изоҳланади.

2. Адабиётлар шарҳи (услубий материаллар шарҳи)
Мавзуга оид адабиётлар шарҳи тадқиқ этилаётган муаммо юзасидан муаллифнинг билим ва тасаввурларга эга эканини намоён этувчи қисм ҳисобланади. Адабиётлар шарҳи мавжуд интеллектуал ҳудуд доирасини баҳолаш ва шу асосда маълум харита яратишни англатади. Адабиётларнинг шарҳида танқидий таҳлил амалга оширилиб, унинг мақсади мазкур мавзу доирасидаги билимларни кучайтириш ва тадқиқот саволларини янада ойдинлаштириш ҳисобланади. Ўз мазмунига кўра ҳар қандай тадқиқот айни шу соҳада яратилган аввалги билимлар негизига қурилади. Адабиётлар бўйича таҳлил асосан соҳадаги энг янги журнал мақолалари ва бошқа турдаги маълумот манбалари асосида амалга ошади (мавзуга оид мақолаларни калит сўзлар ёрдамида www.scholar.google.com қидирув тизимидан топиш мумкин).

3. Тадқиқот методологияси
Тадқиқот методологияси тадқиқотнинг энг муҳим қисмларидан бири бўлиб, у ўтказилаётган тадқиқотнинг умумий харитаси, тадқиқот йўли ва манзилга (натижага) олиб борувчи харитавий чизгилари ҳисобланади. Тадқиқот методологияси тадқиқот фалсафаси ва йўналишини белгилаш, тадқиқот дизайни, яъни тадқиқот муаммосининг ечимига олиб борувчи бош режасини тузиш, тадқиқот учун зарур ахборотни олиш йўллари ва тадқиқот этикасини белгилаш, тадқиқот объетининг танлови (sampling), бирламчи ёки иккиламчи маълумот манбаларидан фойдаланиш тўғрисидаги қарорлар, тадқиқот стратегиясини (кузатиш, эксперимент, кейс-cтади, саволнома, этнографик, архив тадқиқот ва ҳ.к.) аниқлаш бўйича рационал қарор қабул қилиш асосида қўйилган муаммонинг аниқ ечимига олиб чиқувчи йўлни белгилашни англатади. Методология қисмининг мукаммаллиги тадқиқот учун белгиланган йўлнинг ишончлилиги (reliability) ва aниқлилигини (validity) асослаш орқали намоён бўлади.

4. Таҳлил ва натижалар муҳокамаси (мақола мазмунидан келиб чиқиб адабиётлар шарҳига қўшилиши ҳам мумкин).
Тадқиқотнинг таҳлил қисми тадқиқот методологиясида аввалдан белгилаб олинган таҳлил усуллари (математик моделлар ва бошқалар) орқали йиғилган маълумотларнинг таҳлилини амалга оширади. Бунда фақатгина таҳлил усулининг натижалари ифода этилади; топилган натижалар бўйича муҳокама мақоланинг кейинги қисмининг вазифаси ҳисобланади.

Таҳлил қисми натижалари мавзуга оид адабиётлар таҳлили натижалари ва хулосаларига таққослаш ҳамда шахсий фикрлар орқали муҳокамасини назарда тутади. Ушбу қисм тадқиқот натижаларини изоҳлаш вазифасини бажаради.

5. Хулоса ва таклифлар
Тадқиқотнинг мақсад, вазифаларининг англашилганлиги ҳамда тадқиқот саволларининг ўз жавобини топганлиги, тадқиқотнинг асосий натижаларига ва тадқиқотнинг умумий жараёнига умумий хулосалар, шу билан бирга, таклифлар ва айни тадқиқотдан келиб чиққан ҳолда келажак тадқиқот иши йўналишлари мақола хулоса ва таклифлари қисмининг асосини ташкил этади.

- Фойдаланилган адабиётлар рўйхати
Бу қисм тадқиқотда фойдаланилган барча адабиётларнинг рўйхатини эълон қилади. Мақолада фойдаланилган барча ҳаволалар бу қисмда алифбо кетма-кетлигида Гарвард шакли талабларида қайд қилинади:

муаллифлар исми-шарифи, (йили), китоб номи, нашр манзили (Россия, Ўзбекистон ва ҳ.к.), нашриёт номи;

муаллифлар исми-шарифи, (йили), мақола номи, журнал номи, нашри, сони, бетлари.

5. Мақола матни шрифти “Times New Roman”да, 14 кегелда бўлиб, қаторлар оралиқлари масофаси 1 интервалда бўлиши тавсия этилади. Мақола матни саҳифасининг барча (ўнг, чап, юқори ва қуйи) томонидан 2 сантиметрдан иборат масофа қолдирилади. Мақоланинг максимал ҳажми чекланмагани ҳолда, энг минимал ҳажми 6 бетдан кам бўлмаслиги тавсия этилади.

6. Мақолада жадвал номлари унинг юқори қисмида, расмлар номлари уларнинг қуйи қисмида берилади.

7. Мақола ичида берилувчи ҳаволалар Гарвард шакли (Наrvard style) талаблари асосида қуйидагича берилади:

Ягона муаллифли мақола учун (Фамилия, йили) – масалан (Аҳмедов, 2014);

Икки муаллифли мақола учун (Фамилия ва Фамилия, йил) – масалан (Аҳмедов ва Собиров, 2013);

Иккитадан ортиқ муаллифли мақола учун (Фамилия ва бошқ., йил) – масалан (Аҳмедов ва бошқ., 2013);

Бир нечта алоҳида мақолалар учун (Фамилия, йил; Фамилия, йил… (алифбо тартибида)) – масалан (Аҳмедов, 2014; Собиров, 2013; …)

8. Мақолалар ўзбек, рус, ёки инглиз тилларида тақдим этилиши мумкин.

9. Белгиланган талабларга жавоб бермайдиган мақолалар тақризчиларга тақдим этилмайди ва таҳририятнинг талабларга жавоб бермаслик ҳақидаги хулосаси билан муаллифга қайта ишлаш учун қайтариб юборилади.